Чекка ҳудудларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан бажарилаётган ишлар

Туманнинг  чекка ҳудудларида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар

 

 Таълим, мактабгача таълим, тиббиёт каби ижтимоий сохага оид муассасалар, ёшлар билан боғлиқ муаммолар ечимини топиш,  уларни ҳал этиш,  аҳоли учун қулай яшаш шароитини яратиш бошқа ҳудудлардаги сингари Қўшработда ҳам доимий равишда асосий вазифа бўлиб келган. Бундай вазифалар мустақиллик даврида, айниқса, Янги Ўзбекистон номи билан аталаётган бугунги кунда муҳимлиги жиҳатидан ўз аҳамиятини янада кучайтирди.

Боғча ёшидаги болалар ҳаётига, уларни мактабгача таълим ташкилотларига жалб этишга, мактабларда ўқувчи ва ўқитувчи учун шароитларни яхшилашга, қишлоқларда тиббий хизматни кучайтиришга, ёшлар муаммоларини ҳал этишга эътибор ошди. Натижада ижтимоий сохада бир қатор ўзгаришлар қилиниб, бундай ҳаракатлардан одамлар ўзларида ҳаётдан розилик ҳис эта бошладилар.

         Туманда фақатгина ижтимоий жабҳада эмас, барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар,  тўпланиб қолган муаммолар ва уларнинг ечимини, барча ижобий ўзгаришларни биринчи галда мактаб билан боғлаш адолатли бўлади.

        Негаки, ҳеч бир  соҳани мактабсиз тасаввур қилолмаймиз. Давримизнинг энг илғор кишилари, олиму фузалолари, раҳбарлик лавозимида ишлаётганлару етук мутахассисларнинг бариси ана шу мактаблардан билимлар дунёси сари парвоз этишади.

         Туманнинг барча жабҳаларда қўлга киритаётган ютуқларига ёшларнинг қўшаётган ҳиссалари салмоқли эканига шубҳа қилмаса бўлади. Бугун туманда айнан ёшларнинг мавжуд имкониятлардан фойдаланишлари, давр билан ҳамнафасу ҳамқадам бўлишлари йўлидаги ҳаракатлари туман ҳокимлиги томонидан доимий қўллаб-қувватланаяпти.

         Ҳозирги кунда барча мактабларимизда ўқувчиларимизнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олишлари, етук кадрлар бўлиб етишишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Мактабларнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди, ўқув дарсликлари, компьютер техникалари, техника воситалари, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди.

Қўшработда тиббий хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада ошди. Ҳозир туман марказида  230 ўринли марказий касалхона, 240 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника фаолият кўрсатаяпти. Қишлоқларимизда 10 ҚВП,  2 та оилавий поликлиника аҳолига тиббий хизмат кўрсатаяпти.

Бу туман тиббиётида жиддий ўзгариш ясалганидан далолат. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигини ошириш йўлидаги катта имконият.

 Бугун ҳам жойларда янги тиббиёт муассасалари барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, уларни янги тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозлаш ишлари давом эттирилмоқда.

  Энди эса туманнинг энг чекка қишлоғида ҳам тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигига эътибор қаратилмоқда. Ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ечими юзасидан тадбирлар тузилиб, чоралар кўрилмоқда. Шу асосда бугун Қўшработнинг кўпгина қишлоқларида тиббиётни ислоҳ қилиш дастурлари асосида  эътиборли ишлар бошлаб юборилган.

Туман марказий касалхонаси бўлимлари, жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, хусусий тиббиёт марказлари барпо этиш, уларга малакали кадрларни жалб этиш борасида ҳам жиддий ўзгаришларга эришилди. Саломатлик дастурлари асосида туманга энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозларнинг келтирилаётгани эътиборлидир.

  Қўшработда йиллар мобайнида мактабгача таълим ташкилотлари деярли эътибордан четда қолган. Очиғи, яқин йилларда туман қишлоқларида янги  боғча қурилиши учун бюджетдан маблағ ажратилганини ёки бу соҳага саховатли ҳомийларнинг назар ташлаганини бошқалар эмас, ҳатто соҳа ходимлари ҳам  эслай олишмайди. Аслида бу бизга ўтган асрдан - собиқ иттифоқ давридан мерос қолган ҳолат эди.

         Барча маҳаллаларда, туман маркази-ю қишлоқларнинг ҳар бирида болалар боғчалари фаолиятини йўлга қўйиш, нодавлат, оилавий, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш ҳаракатлари бошлаб юборилди. Бу жабҳада кейинги икки йилда туманимизда бирмунча ижобий ишлар амалга оширилди.

         Хуллас, бундай ҳаракатлар замирида ўз йўлини топиб ололмаган ёшларни соғлом муҳитга, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этишга, ўз рўзғорини ўзи тебратишга ўргатиш мақсадлари мужассам. Зеро, улар бизнинг келажагимиз. Келажакка эса ҳамиша ёш авлоднинг жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳият билан қадам қўйишини истаймиз.

         Бу борада ижтимоий соҳага оид идоралар, муассасаларнинг имкониятлари кенг. Имкониятлардан самарали фойдаланиш эса Ватан равнақига, халқ манфаатига хизмат қилади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM