Ўзбекистон Республикаси қонунлари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ТАДБИРКОРЛИККА ОИД ҚОНУНЛАРИ 


Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни. 26.04.1996 й. www.lex.uz

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуни. 20.12.2012 й. www.lex.uz


Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида

1-модда. Ушбу Қонунда қўлланиладиган асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс);

ишлаб чиқарувчи — истеъмолчига реализация қилиш учун товар ишлаб чиқарадиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор;

ижрочи — маиший хизмат, уй-жой-коммунал, таъмирлаш-қурилиш, транспорт хизмати ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида шартнома бўйича истеъмолчи учун ишлар бажарадиган ёки хизматлар кўрсатадиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор;

сотувчи — олди-сотди шартномаси бўйича истеъмолчига товар реализация қиладиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор;

шартнома — товарни олиш-сотишни амалга оширишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда сифат, миқдор, муддат, нарх ва бошқа шартлар тўғрисида истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги оғзаки ёки ёзма келишув;

товар — ишлаб чиқарувчи фаолиятининг истеъмолчига шартнома бўйича сотиш учун мўлжаллаган маҳсули, шу жумладан, импорт маҳсулоти;

норматив ҳужжатлар — стандартлар, уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат фармакопеяси ҳамда фармакопея мақолалари ва бошқалар), техник шартлар, техник тавсифлар, рецептура ва товар (иш, хизмат) сифатига ва хавфсизлигига нисбатан белгиланган талабларни ўз ичига олувчи бошқа ҳужжатлар;

товар (иш, хизмат)нинг хавфсизлиги — товарни истеъмол қилиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш ёки утилизация қилишнинг, шунингдек, иш ёки хизмат натижаларидан фойдаланишнинг одатдаги шароитларида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ва атроф-муҳитга зарар етказилиши эҳтимоли билан боғлиқ хавф хатарнинг йўқлиги;

мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат;

товар (иш, хизмат)нинг нуқсони — товар (иш, хизмат)нинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товар (иш, хизмат)нинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги;

товар (иш, хизмат)нинг жиддий нуқсони — товар (иш, хизмат)дан белгиланган мақсадда фойдаланиб бўлмайдиган қилиб қўядиган ёхуд бартараф этиш учун кўп меҳнат ва вақт сарфлаш талаб қиладиган камчилик;

кафолат муддати — товардан (хизматдан) фойдаланишнинг (онлар ҳисобидаги) норматив муддати ёки товар (хизмат)нинг муайян вазифани (неча соатда, нечта иш жараёнида, қанча километр масофани босиб ўтиб ва ҳ.к.) бажариш вақти тарзида белгиланган муддати бўлиб, бу муддат ичида ишлаб чиқарувчи (ижрочи), башарти товарни ишлатиш (хизматдан фойдаланиш) қоидаларига риоя этилган бўлса, товарнинг (хизматнинг) сифатига нисбатан норматив ҳужжатларда назарда тутилган талаблар бажарилишини кафолатлайди ва таъминлайди;

хизмат муддати — товардан фойдаланишнинг белгиланган муддати бўлиб, у тамом бўлгач, товарнинг техник ҳолатидан қатьи назар, ундан фойдаланиш тўхтатилиши лозим;

яроқлилик (сақлаш) муддати — муайян давр бўлиб, бу даврда товар фойдаланишга яроқли бўлади ва у тамом бўлгач, товар одамлар ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин;

касса чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқлайдиган, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ва касса аппаратининг номери кўрсатилган ҳужжат;

товар чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ҳамда сотувчининг номи ва жойлашган манзили ҳақидаги маълумот кўрсатилган ҳужжат.

товарни (ишни, хизматни) истеъмолчидан қайтариб олиш — агар товар (иш, хизмат) истеъмолчи мулкига айланган ёки унга таклиф этилган бўлса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан амалга ошириладиган, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги талабларига мос бўлмаган товарни (ишни, хизматни) қайтариб олишга қаратилган ҳар қандай чора;

товарни (ишни, хизматни) муомаладан чиқариш — ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан амалга ошириладиган, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги талабларига мос бўлмаган товарга (ишга, хизматга) офертани тугатиш ва бунга йўл қўймасликка қаратилган ҳар қандай чора;

2-модда. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Қонун ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмас.

3-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.

4-модда. Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари

Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;

товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;

товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;

ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;

бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;

истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.

Истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонун ҳужжатлари билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланиши мумкин.

5-модда. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот

Ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим.

Сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт. Бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозим.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган маълумот савдо ва хизмат кўрсатиш муваққат бинолар, ярмаркалар, кўчма дўкончалар орқали амалга оширилган ёки савдо ва хизмат кўрсатиш сотувчи (ижрочи)нинг доимий жойлашган манзилидан ташқарида амалга оширилган бошқа ҳолларда ҳам истеъмолчилар эътиборига етказилиши керак.

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.

6-модда. Товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги маълумот

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

товар (иш, хизмат) мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи;

товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари рўйхати;

баҳоси (тарифи) ва сотиб олиш шартлари;

айрим турдаги товарларнинг ишлаб чиқарилган санаси;

ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари;

товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;

товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ва ушбу муддат тугаганидан кейин истеъмолчи нима ишлар қилиши зарурлиги, шунингдек бундай ишларни бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;

ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг номи ва мулкчилик шакли, рўйхатга олиш ва лицензия гувоҳномасининг номери;

ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари;

товарларни сақлаш, хавфсиз утилизация қилиш усуллари ҳамда қоидалари.

театр-концерт тадбирлари ўтказилаётганда фонограммадан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот.

Сертификатланиши шарт бўлган товар ҳақида истеъмолчига унинг сертификатланганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим.

Товар (иш, хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

7-модда. Товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри маълумот берилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари

Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги:

зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;

сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса, истеъмолчи тегишли маълумот оқилона қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Агар маълумот айтилган муддатда берилмаса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;

истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, у ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) олдига қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.

Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

8-модда. Истеъмолчининг савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари соҳасида шартнома тузиш ҳамда сотиб олинаётган товар (иш, хизмат) сифатини текшириш ҳуқуқи

Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.

Нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади.

Томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.

Тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Тузилган вақтдан бошқа пайтда (олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича, жўнатма савдода ва бошқа ҳолларда) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади.

Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт.

9-модда. Олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар

Олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади.

10-модда. Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби

Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Товарларни кредитга сотиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланадиган товарларни кредитга сотиш қоидалари билан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.

11-модда. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари

Узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим. К