Ҳоким маърузалари

Қўшработ тумани ҳокими Оқбутаев Химмат Қучқаровичнинг  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тадбирдаги

МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар, ҳурматли фаоллар ва байрам тадбири иштирокчилари!

Ижозат бергайсизлар, барчангизни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини бугунги улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман. 

Ўтган вақт тарихан қисқа бўлса-да, мана шу даврда мамлакатимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси оширилди. Фуқароларимизнинг давлатга ва эртанги кунга ишончи ошиб, юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурди.

Албатта, бунда миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимизнинг пойдевори бўлмиш мамлакатимиз Конституцияси ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ва кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Бундан 1 йил аввал сизлар билан мана шу залда Конституциямизнинг 25 йиллигини нишонлаш билан бирга туманда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз тўғрисида фикрлашиб олган эдик.

Мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги 2 йил давомида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятимизнинг барча соҳаларидаги каби фуқароларимизнинг Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашда маълум ишлар амалга оширилди.

Фурсатдан фойдаланиб, жорий йилнинг ўтган даврида эришилган ютуқлар тўғрисида қисқача тўхталсам.

Хусусан, кам таъминланган оилалар учун 20 та 3 хонали, 2 та 2 қаватли 36 хонадондан иборат уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди, 12 тасининг бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилди, 25 та кам таъминланган оилаларнинг уйларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан маблағ ажратилди, 5 та кам таминланган оилалар учун эса тубдан янги уй-жойлар қуриб берилди.

Бундан ташқари, ўнлаб фуқароларимизнинг уй-жойлари учун қурилиш материаллари олиб берилди.

Анчадан бери оқсаб келаётган мактабгача таълим тизими муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага катта эътибор қаратилди ва берилган имтиёзлар натижасида жорий йилда 2 та давлат, ҳар бирининг қиймати 1,5 млрд.дан ортиқ бўлган 5 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар қурилиши бошланиб, шу йилнинг декабр ойида уларни фойдаланишга қабул қиламиз. Бунинг натижасида 600 нафардан зиёд фарзандларимизнинг боғчага бориши қамраб олинади.

Умумтаълим тизимида жорий йилда 8 млрд. 713 миллион сўмлик маблағ эвазига 4 та мактаб қурилди ва 2 та мактаб капитал таъмирланди. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан 60 та мактабнинг иситиш тизими ва том қисми 1 млрд. 950 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланди.

Шунингдек, маҳаллий бюджетдан 5343 нафар кам таъминланган оилаларга жами 11 млрд. 305 миллион сўмлик ижтимоий нафақалар берилди.

Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар учун 104 та газ плита ва маиший техникалар, ногиронлиги бор фуқаролар учун   104 та ногиронлик аравачалари, 14 та эшитиш мосламаси, 15 та қўлтиқтаёқ, 30 та ҳасса, 12 та протез ортопедиялар тарқатилди,          275 нафар фуқароларга имтиёзли даволаниш учун йўлланма ва ордерлар берилди.

Аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондириш нуқтаи назаридан шифохона ва поликлиникаларда иситиш тизими, қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминлаш, жорий таъмирлаш борасида 5 млрд.дан ортиқ маблағ сарфланди.

Маълумки, туман қишлоқ хўжалигида катта ер майдонларига эга бўлса-да, аҳоли ва фермерлар томонидан ер ҳайдаш ва унга ишлов беришда жиддий қийинчиликларга дуч келаётганлигини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг март ойида Юртбошимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида туманимиз фаолларининг мурожаатлари қаноатлантирилиб, 14 та юқори унумли ҳайдов тракторлари тиркамалари билан имтиёзли кредит асосида 1 кунда олиб келинди.

Қурилиши тўхтаб қолган Оқчобсой сувомборида инекция ишлари бошланиб, 2019 йилда ишга туширилиши режалаштирилди.

Аҳоли ва фермер хўжаликларини сув билан таъминлашга қаратилган Оқтепа сойида сув омборини қуриш бўйича лойиҳалаштириш ишлари бошланди.

Катта имкониятларга эга бўлган ва ҳозирда филиал сифатида Каттақўрғон ўрмон хўжалигига бириктирилиб фаолият кўрсатаётган Фозилмон ўрмон хўжалигининг фаолияти қайта тикланди.

Суюлтирилган газ билан таъминлаш 2014 йилда бошланган бўлиб, хонадонларнинг 12 % и табиий газ билан газлашган бир пайтда ўтган 4 йил давомида бор-йўғи 6,5 минг та хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилган.

Ўтган 1 йилда эса 12 700 та газ баллон етказиб берилди, 2 та махсус газ баллон ташиш машинаси олиш, 2 та газ тақсимлаш ускунасини қуриш режалаштирилди.

Қолаверса, ўтган йилдаги мурожаатлар таҳлилига кўра, кўплаб мурожаатлар электр таъминотидаги узилишлар тўғрисида бўлиб, ўтган 5 йилда бу соҳада электр таъминоти корхонаси томонидан тармоқларни, трансформаторларни янгилаш бўйича 2 млрд. 800 млн. сўмлик ишлар амалга оширилган бўлса, кейинги 1 йил давомида қарийб 12 млрд. сўмдан зиёд ишлар бажарилди, қиймати 2 млрд.дан 4 млрд.гача бўлган 3 та трансформаторлар алмаштирилди ва бир неча километр узунликдаги тармоқлар янгиланди.

Шунингдек, ўтган 5 йил давомида 6 млрд. сўмлик йўлларни таъмирлаш, авфальтлашга маблағ сарфланган бўлса, сўнгги 1 йилда эса 11 млрд. 800 млн. сўм маблағ ёки ўтган 5 йилга нисбатан 4 млрд.дан кўп маблағ сарфланди, туман йўл корхонасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш нуқтаи назардан 2 млрд. 300 млн. сўмлик техника билан таъминланди ва 5 млрд. 700 млн. сўмлик завод қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Яна бир муҳим ютуғимиз шундаки, аҳоли ва фермер хўжаликларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида ўтган 5 йил давомида жами 10 млрд. сўм атрофида кредитлар ажратилган бўлса, олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг ўзида бу соҳада 50 млрд.дан ортиқ кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.

Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган даврида туманда тадбиркорлик 2 бараварга ошиб, 2017 йилга нисбатан 502 тага кўпайди.

 Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан жами 318,2 млрд. сўмлик 337 та лойиҳалар режалаштирилган бўлиб, шундан: 

А) Саноат йуналишида жами 112,7 млрд. сўмлик 46 та лойиҳа;

Б) Хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида жами 43,1 млрд. сўмлик 105 та лойиҳа;

В) Қишлоқ хўжалиги йўналишида эса жами 162,4 млрд. сўмлик 186 та лойихалардир.  

Сизларни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, юртимизга тинчлик, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман. Озод ва обод диёримизга кўз тегмасин.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

2018 йил 7 декабр


Қўшработ тумани ҳокими Оқбутаев Химмат Қучқаровичнинги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тадбирдаги

МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар! 

Ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари, қадрли деҳқон ва фермерлар! 

Аввало, барчангизни  Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунибайрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

Албатта, бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли ва нонитотлиэканини барчамиз яхши биламиз. 

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари биланЎзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунининг алоҳида белгиланганлиги соҳага қаратилаётган юксак эътиборнинг намуналаридан биридир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда жамиятнинг бошқа соҳалари сингари қишлоқ хўжалигида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилиб, деҳқон ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга зарурий шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг қўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида бошқарув, экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимлари тубдан такомиллаштирилди, соҳани техник жиҳозлаш даражаси янада оширилди.

Ҳурматли фермерлар ва деҳқонлар!

Айни пайтда туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келгуси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Ҳозирги кунда туманимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида 770 тадан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, табиат инжиқликларига қарамасдан 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият олиб бормоқда.

Рухсатларингиз билан соҳада эришилган ютуқларимизнинг баъзиларига тўхталиб ўтсам.

2018-2019 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурининг қишлоқ хўжалиги йўналишида жами 162,4 млрд. сўмлик 3070 та янги иш ўрнини қамраб олган 186 та лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, шу йилнинг ўтган даврида соҳада жами 77,8 млрд. сўмлик 2663 та янги иш ўрнини қамраб олган 140 та лойиҳалар тўлиқ ишга туширилди.

Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли барча тоифадаги хўжаликларда 18 165 тонна гўшт, 50 515 тонна сут, 31 000 дона тухум, 626 тонна жун, 7 746 дона коракўл тери ва 29 тонна пилла маҳсулотлари етиштирилди.

Деҳқончилик соҳасида эса 4412 тонна картошка, 11 913 тонна сабзавотлар, 2 000 тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари, 13 150 тонна мева ва 53 350 тонна узум маҳсулотлари олишга эришилди.

Шунингдек, барча тоифадаги хўжаликларда йирик шохли моллар сони 104293 бошга, қўй ва эчкиларсони 425364 бошга, йилқилар сони 6492 бошга ва паррандалар сони 402 546 тага етди.

Тадбиркор Бинаев Баходир томонидан хорижий давлатларга 2 122 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиниши соҳада эришилган ютуқлардан биридир.

Барчамизга маълумки, туман қишлоқ хўжалигида катта ер майдонларига эга бўлса-да, аҳоли ва фермерлар томонидан ер ҳайдаш ва унга ишлов беришда жиддий қийинчиликларга дуч келаётган эди. Шуларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг март ойида муҳтарам Юртбошимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида туманимиз фаолларининг мурожаатлари қаноатлантирилиб, 14 та юқори унумли ҳайдов тракторлари тиркамалари билан имтиёзли кредит асосида 1 кунда олиб келинди ва туман фермер ва деҳқонларининг юқори унумли тракторларга бўлган эҳтиёжлари таъминланди.

Катта имкониятларга эга бўлган ва филиал сифатида Каттақўрғон ўрмон хўжалигига бириктирилиб фаолият кўрсатаётган Фозилмон ўрмон хўжалигининг фаолияти қайта тикланди.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Туманнинг чорвачиликни ривожлантириш бўйича тўлиқ имкониятларга эгалиги унинг ўзига хос хусусиятидир. Бунда чорванинг наслли турларини кўпайтиришга эътибор қаратиш муҳим саналиб, бу борада ҳам ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, туманда фаолият олиб бораётган “Қорашолдир”, “Йўл ўтар чорваси”, “Чорбулоқ” фермер хўжаликлари четдан наслли қорамол ва қўйларни олиб келиб парваришламоқда.

Бундан ташқари, йил охирига қадар Россия давлатидан 1 500 бош сермаҳсул тивит эчкиларини олиб келиш бўйича 30 дан ортиқ фермер хўжаликлари билан шартномалар тузилди.

Айни пайтда келаётган 2019 йилда бошоқли дон маҳсулотларини етиштириш учун 11 645 гектар ер майдонларига бошоқли дон уруғларини экиш ишларини якунлаш арафасида турибмиз.

Ҳурматли фермерлар ва деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Сизларни яна бир бор касб байрамларингиз билан табриклайман. Ишларингизга улкан муваффақиятлар, оилангизга тинчлик, соғлик-саломатлик ва хонадонларингизга файз-у барака тилайман, дастурхонимиз доимо тўкин-сочин бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

2018 йил 6 декабр


Қўшработ туман ҳокими Х.Оқбутаевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги  ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган

ТАБРИК СЎЗИ

Ҳурматли офицер ва сержантлар, Қуролли Кучларимиз вакиллари!

Қадрли меҳмонлар!

Бугун барчамиз юртимиз ҳаётидаги муҳим ва буюк тарихий сана – 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллигини нишонлаб турибмиз.

Шу муносабат билан барчангизни ушбу улуғ айём билан чин қалбимдан табриклайман.

Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, осмонимиз мусаффолиги, фаровон ҳаётимиз ва юртимиз ободлигида сизларнинг ҳиссаларингиз бениҳоя катта эканлиги барчамизга бирдек аён.

Айтиш жоизки, ўтган 27 йил давомида мамлакатимиз Қуролли Кучлари мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асосга эга бўлди, давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди, ихчам, яхши таъминланган ва юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди.

Шунингдек, мамлакатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёев раҳбарлигида соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон армияси ўз ривожланишининг мутлақо янги босқичига кўтарилди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Хусусан, Мудофаа вазирлиги қўшинлари тарихда биринчи марта ўқув сигнали бўйича юқори жанговар шайликка келтирилди, 2018 йилда Ўзбекистон дунёнинг энг кучли армиялари орасида 39 ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринни, Марказий Осиёда эса етакчи ўринни эгаллади.

Албатта, бу каби ютуқларга яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Қадрли ҳарбийлар!

Сизларни яна бир бор Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман, сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга бахт-у саодат, масъулиятли ва, ўз навбатида, шарафли вазифангизни бажаришда куч-ғайрат ва зафарлар тилайман.

2018 йил 14 январь

2015-2019 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM