Ўзбекисистон Республикасининг Конституцияси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯСИ

МУҚАДДИМА

Ўзбекистон халқи:

- инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб,

- ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда,

- ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб,

- демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,

- халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,

- республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб,

- инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,

- фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида,

- ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади.

БИРИНЧИ БЎЛИМ. АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАР

I боб. Давлат суверенитети

1-модда.

Ўзбекистон — суверен демократик республика. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади.

2-модда.

Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

3-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-