ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги координатори, элчи Жон МакГрегор ўз миссиясини якунламоқда

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Жон МакГрегор билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Давлатимиз раҳбари Матбуот котибининг телеграм каналидаги маълумотга кўра, мамлакатимиздаги дипломатик миссияси тугаётгани муносабати билан Жон МакГрегорга Президент Шавкат Мирзиёевнинг миннатдорлик мактуби ўқиб эшиттирилди.

Элчи юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига ташаккур изҳор этди.

Суҳбатда Жон МакГрегорнинг Ўзбекистондаги фаолияти самарали бўлгани, ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилгани таъкидланди. Тажрибали дипломатнинг келгуси ишларига муваффақият тилаб, эзгу истаклар билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Жон МакГрегор Ванкуверда туғилган, Канада ҳарбий-денгиз флотининг собиқ офицери. У 2016 йилнинг май ойида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори этиб тайинланган. У француз тилида сўзлашади, шунингдек, озарбайжон, қирғиз ва ўзбек тилларида гаплаша олади.

2019 йил 1 сентябрь — Мустақиллик кунини нишонлаш арафасида Ўзбекистон Президенти уни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган.

Жон Макгрегор яқинда ЕХҲТнинг Туркманистондаги миссиясининг раҳбари этиб тайинланди.

Ўзбекистонда унинг ўрнини швейцариялик дипломат Пьер фон Аркс эгаллайди.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM