“Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлиги таъминлаш борасида 1-чоракда амалга оширилган ишлар ва навбатдаги режалар” ҳақида матбуот анжумани

Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлиги таъминлаш борасида
1-чоракда амалга оширилган ишлар ва навбатдаги режалар

 

Муҳтарам Президентимиз лавозимга киришган илк кунданоқ, одамларни рози қилиш, пастга тушиб, муаммоларни жойида ўрганиб, комлекс ҳал қилишни давлат сиёсати даражасига кўтариб, фаолиятимизнинг бош мезони сифатида белгилаб бердилар.

Шунинг мантиқий давоми сифатида Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан мутлақо янги тизим - ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга масъул “ҳоким ёрдамчиси”, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга масъул “ёшлар етакчиси” ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга масъул “хотин-қизлар фаоли” институтлари жорий этилди.

Маълумот учун тумандаги 45 та маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан секторлар билан ҳамкорликда ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам.

Хусусан, Юртбошимизнинг топшириқлари асосида туман секторлари бошчилигида мавжуд 22 мингта хонадон секторбай, маҳаллабай тўлиқ хатловдан ўтказилиб, онлайн махалла платформасига киритилди ва ўрганилган хонадонлар иқтисодий-ижтимоий аҳволи бўйича 4 та тоифага ажратилиб, хонадонбай ишлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди, ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқталари (драйвери)” аниқлаб олинди, хатлов натижасида аҳоли томонидан 5 та йўналишда 5132 та таклифлар билдирилди.

Билдирилган таклифлар асосида “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар, парранда, инкубатор ускунаси, кўчат олиб бериш, моддий ёрдам бериш ва бошқа тадбирлар учун 3 млрд. 176 млн. сўм маблағлар йўналтирилди,  2 156 нафар фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилинди, 611 нафар норасмий ишчиларнинг фаолияти легаллаштирилди, 57 нафар янги ҳунармандлар ташкил этилди ва 233 нафар шогирдлар тайёрланиши таъминланди.

Жорий йил 19 апрель куни Давлат Раҳбари томонидан маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан танқидий руҳда ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022 йилнинг 1-чораги якуни бўйича маҳаллабай ишни ташкил этишдаги хато-камчиликлар кўрсатилиб, сусткашликка йўл қўйган масъулларга чоралар кўрилди ва келгусидаги вазифалар аниқ ва лўнда қилиб белгилаб берилди.

Шундан сўнг, биз сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар билан  биргаликда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қайта таҳлил қилиб, уларнинг фаолиятини янада жонлантириш кераклигини, маҳаллабай ишни ташкил этишда бажаришимиз лозим бўлган вазифалар ва фойдаланилмаётган имкониятлар кўплигини ўзимиз учун аниқладик.

Таҳлил натижаларига кўра, 1-чорак натижалари бўйича атиги 4 та (8.0%) маҳалланинг кўрсаткичлари “аъло”, 17 та (37.0%) маҳалланинг кўрсаткичлари “яхши”, 16 та (35.0%) маҳалланинг кўрсаткичлари “қониқарли”, 8 та (18%) маҳалланинг кўрсаткичлари “қониқарсиз” деб баҳоланганлиги аниқланди.

Ўз навбатида, ишни шу зайлда давом эттирсак, жорий йил якунига қадар соҳалар бўйича жами 16 минг та янги иш ўринлари яратиш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”даги 1100 нафардан зиёд фуқароларнинг бандлигини таъминлашдек муҳим вазифамизни бажариш қийин бўлади.

Шулардан хулоса қилган ҳолда, Муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмалари ҳамда яратиб берилган имконият ва шароитлар асосида маҳаллабай ишни ташкил этишда ҳоким ёрдамчиларининг келгусидаги устувор вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаб олдик.

Биринчидан, ишни ташкил этишдаги масъулиятсизлик, аҳоли таклиф ва ташаббусларини етарли даражада англамаслик, айрим мурожаатларни ўз вақтида ёки белгиланган муддатда ҳал қилмаслик “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларнинг сони кўп бўлишига асосий сабаб бўлди.

Шунга кўра, фаолиятимизни қониқарсиз баҳолаб, маҳаллаларнинг хусусият ва шароитларини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича туманда “қизил” ҳудуд тоифасига кирган 8 та маҳаллани “сариқ” ҳудуд тоифасига, “сариқ” ҳудуд тоифасига кирган 33 та маҳаллани “яшил” ҳудуд тоифасига ўтказиш чораларини кўришимиз лозим. Бу бўйича тегишли “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Албатта, бунда маҳаллалардаги фуқароларимизнинг ҳам фаол бўлиши, таклиф ва ташаббуслар билан чиқиши муҳим саналади.

Иккинчидан, жорий йилда туман бўйича жами 16 минг та янги иш ўринлари яратиш режа қилинмоқда. Бунда 2 567 та оилавий тадбиркорлик, 1 890 та узумчиликни ривожлантириш, 4 588 та  ўзини-ўзи банд қилиш, 2 900 та бандлик дастури, 1 076 та норасмий фаолиятни расмийлаштириш (легаллаштириш), 365 та лидер тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш, 662 та ер майдонларини ижарага бериш, 132 та кооперация ташкил этиш, 185 та хунармандчилик, 564  та “устоз-шогирд” тизими ҳисобига ташкил этилади. 

Учинчидан, йил якунигача ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 631 та янги иш ўринларини яратишни назарда тутувчи, умумий қиймати 216 млрд. сўм бўлган 122 та лойиҳаларни амалга оширишни режа қилганмиз.

Мисол учун, “Қўшработ ломанн парранда” МЧЖ томонидан шу йили 17-18 млн. бош наслли жўжа етиштиришга мўлжалланган қиймати 30 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳа ишга туширилади.

Булардан ташқари, аҳолининг тадбиркорлик соҳасидаги лойиҳалари учун йил охиригача 68,4 млрд. сўм имтиёзли кредит ва субсидия маблағлари йўналтирилиши назарда тутилмоқда.

Шу ўринда, ташаббускорлардан лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишда фаол бўлишларини сўрайман.

Тўртинчидан, деҳқон хўжалиги юритиш учун 471 гектар ер майдонларини босқичма-босқич очиқ электрон танловга чиқариш режа қилинган бўлиб, йил охиригача ер олиш истагидаги фуқароларнинг талаблари асосида 188 гектар ер майдони очиқ тендерга чиқарилади.

Жорий йил шу кунгача 165 нафар фуқароларга 82 гектар ер майдони очиқ тендер орқали берилган бўлса, айрим маҳаллаларда фаоллик сезилмади.

Шунинг учун бугунги имконият ва имтиёзларни, ҳудудимиздаги ер унумдорлигини инобатга олиб, деҳқон хўжалиги учун ер майдони ажратиш бўйича очиқ тендерларда барчани бирдек фаол бўлишга чақираман.

Бешинчидан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун маҳаллалар кесимида онлайн-аукцион орқали 530 та бўш ер майдонларини мулк ҳуқуқи асосида бериш, шунингдек, 13 та бўш турган биноларни ижара ҳуқуқи асосида бериш ва шу орқали 1350 та янги иш ўринлари яратиш мақсад қилинди.

Олтинчидан, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида бир қарич ҳам бўш ер қолдирмаслик шарти билан асосий турдаги маҳсулотларини етиштириш орқали хонадонларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва ортган қисмини ички бозорларга олиб чиқиш муҳим ҳисобланади.

         Очиғини айтиш керак, сўнгги йилларда водий вилоятларидан келган деҳқонларнинг илғор тажрибаси асосида туманимиз аҳолиси маълум бир қисмининг ерга бўлган муносабати ўзгарди, тажрибага эга бўлди.

         Шуни инобатга олиб, барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳам берилаётган имконият ва енгилликлардан самарали фойдаланиши, деҳқончиликнинг туманимиз иқлими ва шароитига мос усулларидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари! Фурсатдан фойдаланиб, ҳозирги шароит ва имкониятлар, жорий қилинган тизимнинг қулайликларини ҳисобга олиб, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришда барчани фаол бўлишга чақираман. Албатта, ҳар бир фуқаронинг таклиф ва ташаббуси биз учун муҳим бўлиб, биз сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар аҳоли муаммоларини ҳал қилишни, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашни энг асосий вазифамиз деб биламиз.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM