Тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига қўшимчалар киритилди. 

Эндиликда веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда тақиқланган ахборотлар аниқланса, веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга қонунчилик билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.

Тақиқланган ахборотларни аниқлаш ва хабарномани юбориш тақиқланган ахборотлар аниқлангандан 24 соатдан кечиктирмасдан Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (Марказ) томонидан амалга оширилади.

Хабарнома Марказнинг расмий ахборот ресурслари (электрон почта, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги расмий саҳифа) орқали электрон шаклда юборилади.

Хабарномада тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурси номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади. Тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади. Шунингдек, қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин.

Ахборот ресурси эгаси, блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан тақиқланган ахборотни олиб ташлаши ҳамда бу тўғрида Марказни унинг расмий ахборот ресурслари орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида хабардор қилиши лозим.

Агар тақиқланган ахборот хабарномада кўрсатилган муддатда ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер томонидан олиб ташланмаса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки Марказ ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича тақиқланган ахборот жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши мумкин.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM