Хивада “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказилади

2020 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ПҚ-4843-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали (Фестиваль) ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Қарор билан фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, Маданият вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги Фестивални ўтказиш бўйича масъул органлар ҳисобланади.

Фестиваль доирасида “Лазги” халқаро рақс фестивали танлови ташкил этилади.

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари 3 та номинация (“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси”, “Энг яхши рақс жамоаси” ва “Энг яхши саҳналаштирилган рақс”) бўйича баҳоланади. 

Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

“Гран-При” – 7 000 АҚШ доллари.

Ҳар бир номинация бўйича:
1-ўрин – 5 000 АҚШ доллари;
2-ўрин – 3 000 АҚШ доллари;
3-ўрин – 2 000 АҚШ доллари.

Ташкилотчилар томонидан ҳар бир қўшимча номинация учун 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари ажратилиши мумкин. 

Фестивалнинг ҳар бир қатнашчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM