Тошлоқ тумани ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади

Ҳукумат қарори билан (572-сон, 21.09.2020 й.) 2020-2022 йилларда Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири камбағал хонадонларга субсидия ажратиш асосида енгил конструкцияли иссиқхоналар барпо этиш ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш ўринларини яратиш ҳисобланади. 

 Дастурга кўра, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жами 1 887 та лойиҳанинг амалга оширилиши назарда тутилган.

Жумладан, туманда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш бўйича 108 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва бу орқали 2 424 та янги иш ўринларининг яратилиши белгиланган. 

Бундан ташқари, Дастур доирасида белгиланган йилларда: 
тумандаги 802 та хонадонга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун субсидиялар ажратилади; 
ҳунармандчилик йўналишида 832 та лойиҳани амалга ошириш орқали 1 971 та янги иш ўрни яратилади.   

Қарорга кўра, туманда 2020 йилда қўлда гилам тўқиладиган гиламчилик корхонаси фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳар бир маҳаллада деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган аҳоли рўйхати шакллантирилади.   

Шунингдек, Тошлоқ туманидаги Заркент агросаноат коллежи биносида тумандаги кооперацияга бириктириладиган камбағал оила аъзоларининг лимончилик соҳасидаги билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM