Доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари белгиланди

2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Қарорга мувофиқ,  2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерлари ташкил этилади, шунингдек, ҳудудлар доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштирилади.

Доривор ўсимликлар кластери учун ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида тузиладиган битим асосида ажратилади.

Хорижий инвесторлар иштирокидаги доривор ўсимликлар кластерига ер майдони инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Кластерни ташкил этадиган ташаббускор томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ариза;
бизнес-режа ёки техник-иқтисодий асоснома;
зарур инфратузилма объектлари, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

Қарор билан доривор ўсимликлар кластерининг асосий вазифалари белгиланди.

Ихтисослаштирилган ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш, уруғликлар ва кўчатлар тайёрлаш, босқичма-босқич замонавий доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш ушбу кластерларнинг вазифаларидан биридир.

2023 йил 1 январга қадар  доривор ўсимликлар кластерлари, доривор ўсимликлар етиштирувчилар ва қайта ишловчилар томонидан  Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган хомашё, ускуналар, махсус техникалар, шунингдек, фитобарлар учун вендинг автоматлари божхона божидан озод қилинади.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг марказий аппаратида Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бўлими негизида Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Ўзбекистон доривор ўсимликлари” кичик инновацион корхонаси ташкил этилади.

Ушбу корхонанинг асосий вазифаларидан бири доривор ўсимликларнинг намунавий кластерини ташкил этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобланади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мактаб ва ОТМларда фитобарлар ташкил этилади.

2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб босқичма-босқич барча вазирлик ва идораларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда маҳаллий аэропортларда, барча турдаги автовокзал, темир йўл вокзалларида, бозорлар, санаторий-курорт муассасаларида ҳамда бошқа аҳоли гавжум жойларда фитобарлар ташкил этилади.

Тадбиркорлар томонидан давлат муассасаларида фитобарлар ташкил этилганда, давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови 50 фоизга камайтирилган ҳолда ҳисобланади.

Бунда, фитобарлар вендинг автоматлари орқали ташкил қилинган ҳолларда, давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ҳисобланмайди.

 

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM