Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази;

тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилади;

қуйидагилар Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

халқ табобати усулларидан, шу жумладан, ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш;

халқ табобатининг асосий йўналишларини (фитотерапия, акупунктура, аюрведа, гомеопатия, йога, моксотерапия, натуропатия, остеопатия, термал тиббиёт, хиро-амалиёт, цигун ва бошқалар) ривожлантириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик адабиётлар тайёрлаш;

халқ табобатини касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларида замонавий тиббиётга интеграциялаш бўйича, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва лаборатория тадқиқотлари ўтказиш орқали таклифлар тайёрлаш;

халқ табобатида фойдаланиладиган ўсимликларни ўстириш ва ўсимлик кўринишида бўлмаган хомашё тайёрлашни, ушбу йўналишда лаборатория ва илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш, шунингдек, халқ табобатида энг кўп ишлатиладиган ўсимликлар ва хомашёни ўстиришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни Ҳудудий марказларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

фуқаролар саломатлигини таъминлашда халқ табобатининг ролини ошириш борасидаги муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

хорижий мамлакатларнинг халқ табобати вакили бўлган ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда халқ табобатини янада ривожлантириш масалалари бўйича биргаликда анжуманлар, форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш.

Қарорга кўра, Республика маркази халқ табобати соҳасида бош муассаса, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси эса ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича клиник база ҳисобланади;

Республика маркази Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобдор бўлади;

Республика марказига Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Республика маркази директори меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқармасининг бошлиғига тенглаштирилади;

Республика маркази Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илмий-амалий, тадқиқот ва бошқа муассасаларини оптималлаштириш ҳисобига тўлдирилади;

Ҳудудий марказлар Республика марказининг жойлардаги бўлинмалари ҳисобланади, Республика маркази уларга методик раҳбарлик қилади ва фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ҳудудий марказларда ўқитиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган, Республика маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ва “Табобат” академияси томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича пуллик асосда амалга оширилади;

Ҳудудий марказларда ўқитиш қийматининг миқдори Республика маркази томонидан белгиланади;

Ҳудудий марказларга тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Ҳудудий марказларнинг битирувчиларига халқ табобати бўйича малака оширганлик тўғрисида расмий ҳужжат деб тан олинадиган белгиланган шаклдаги сертификат берилади;

халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларга Вазирлик томонидан тасдиқланадиган шаклдаги халқ табобатининг тегишли йўналишларида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади;

Ҳудудий марказларнинг директорлари Республика маркази директори томонидан лавозимга тайинланади;

Ҳудудий марказларда ўқитувчилик фаолиятига тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг профессор-ўқитувчилар таркиби, халқ табобати бўйича мутахассислар ва тиббиёт ходимлари жалб қилинади;

Ҳудудий марказлар ходимларига тиббиёт олий таълим муассасаларида тегишли лавозимлар учун ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

талаб юқори бўлган доривор ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш ҳамда халқ табобати соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда тегишли тиббиёт олий таълим муассасалари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари балансида турадиган ва Ҳудудий марказларга доимий фойдаланиш учун бериладиган 1 гектаргача бўлган майдонга эга мини-плантациялар ташкил қилинади;

Ҳудудий марказларда илғор илмий изланишлар ва тадқиқот ишлари олиб бориш учун замонавий лабораториялар ташкил этиш ҳамда уларни зарур асбоб-ускуналар, техника ва бошқа моддий-техник ресурслар билан жиҳозлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Вазирлик, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ва “Табобат” академияси билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар муддатда мини-плантациялар ташкил қилиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни танлаш ва ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш ишларини амалга ошириши белгиланди.

Қарорга асосан, 2020 йил 1 майдан туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида, нодавлат тиббиёт ташкилотларида халқ табобати хоналари ташкил этилади. 

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM