Давлат ҳокимияти олий органлари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ОЛИЙ ОРГАНЛАРИ 


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.

Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати – беш йил. 
Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қуйи палатасидир.

Қонунчилик палатаси сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.

Қонунчилик палатасининг иши палата барча депутатларининг профессионал, доимий фаолият кўрсатишига асосланади.

Сенат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик палатасидир.

Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сенат иши ялпи мажлисларга (бундан буён матнда мажлислар деб юритилади) ва унинг қўмиталари мажлисларига тўпланадиган сенаторлар фаолиятига асосланади.

Сенатда ҳудудий мансубликка кўра ҳамда сиёсий ёки бошқа асосда гуруҳлар тузишга йўл қўйилмайди.


Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси — Ҳукумати Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминловчи ижро этувчи ҳокимият органидир. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) давлат бошқаруви органлари тизимига ва ўзи ташкил этадиган хўжалик бошқаруви органлари тизимига бошчилик қилади, уларнинг ҳамжиҳатлик билан фаолият кўрсатишини таъминлайди. 
Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида жавобгардир. 
Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.


Суд ҳокимияти

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти ҳокимият тизимининг алоҳида тармоғи ҳисобланиб, у Конституцияга асосан ўз фаолиятини қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан ҳоли равишда, мустақил юритади.
Суд ҳокимиятини амалга оширувчи органлар тизимига: Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қоракалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, туман ва шаҳарлар судлари киради. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

У томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

2015-2019 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM