Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 октябрдаги 848-сонли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузуридаги Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тўғрисида намунавий низом тасдиқланди.

Қарорга кўра:

Тадбиркорлар кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

Тадбиркорлар кенгашлари ўз фаолиятини мазкур қарор билан тасдиқланган намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва тегишлича Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари мудири ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокими билан биргаликда тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади;

Тадбиркорлар кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари қабул қилинади.

Қуйидагилар Тадбиркорлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига ҳамда ваколатли давлат органларига тақдим этиш;

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича Агентлик, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимли алоқаларни йўлга қўйиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари Тадбиркорлар кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.

Қўшработ туман адлия бўлими

2015-2024 © Хокимият Кушработского района. Разработан в: SAKTRM