Ҳокимлик ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИНИ БЕЛГИЛОВЧИ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 99-105-моддалар. 08.12.1992 й. www.lex.uz

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни. 02.09.1993 й. www.lex.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2691-сонли қарори. 22.12.2016 й. www.lex.uz


ҚЎШРАБОТ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ БОШҚАРУВ АППАРАТИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ

(туман ҳокимининг 15.10.2018 йилдаги 2240-Қ-сонли қарори билан тасдиқланган)

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2691-сонли қарорига мувофиқ туман ҳокимлиги бошқарув аппаратининг (кейинги ўринларда бошқарув аппарати деб юритилади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, масъулияти ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Бошқарув аппарати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлиги қарор ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, халқ депутатлари туман Кенгаши ва ҳокимнинг ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.

3. Бошқарув аппарати ҳокимлик фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий-техник ва молиявий-хўжалик жиҳатидан таъминлайди, халқ депутатлари туман Кенгаши мажлисларини унинг регламентига мувофиқ тайёрлайди, халқ депутатлари туман Кенгаши ва ҳокимнинг ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлайди, уларни амалга ошириш юзасидан амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва ижросини мунтазам равишда текширади.

Бошқарув аппарати халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятига ташкилий, техник ва бошқа хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.

4. Бошқарув аппарати ўз фаолиятини ҳокимнинг раҳбарлигида амалга оширади.

5. Бошқарув аппарати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда вилоят ҳокимлиги, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

II. Бошқарув аппаратининг вазифалари ва функциялари

6. Қуйидагилар бошқарув аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳокимнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларида, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлигининг қарор ва фармойишларида белгиланган ваколатлари амалга оширилишини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда таъминлаш;

туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияларини комплекс таҳлил қилиш, асосий иқтисодий кўрсаткичлар динамикаси, таркибий ва институционал ўзгартиришлар, маҳаллий бюджетлар ижросининг тизимли мониторингини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган энг муҳим устувор вазифаларга туманни комплекс ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

туманда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш, иқтисодиётда, энг аввало, саноатда ва қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларга доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

туманнинг субвенция олишини қисқартириш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш, ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқларини ва кафолатларини таъминлаш юзасидан ҳудудий бошқарув органларининг масъулиятини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;

туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, ҳудудий инвестиция дастурлари, ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, техник янгилаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурлари, маҳаллийлаштириш дастури, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш дастурлари, янги иш ўринлари ташкил этиш ва бандликни таъминлаш дастурлари, шунингдек, бошқа ҳудудий дастурлар амалга оширилиши мониторингини олиб боришнинг самарали тизимини яратиш;

ҳудуд иқтисодиётининг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектларининг экспортдаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни ва таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш
чора-тадбирлари амалга оширилиши юзасидан тизимли таҳлилни ташкил этиш;

аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳудудий бошқарув органларининг, бошқа ташкилотларнинг янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуши даражаси ва сифатини янада оширишга доир ишларини мувофиқлаштириш;

таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида инновациялар ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш, туманнинг инновацион салоҳиятини, кичик саноат зонаси фаолияти самарадорлигини ошириш, хизматлар соҳасини тубдан такомиллаштириш, энг аввало, инновацион ишланмалар ва технологияларни жорий этиш;

қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа экстремал ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш;

ривожлантиришнинг мақсадли давлат дастурлари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлигининг қарор ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш;

норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, шу жумладан, уларнинг айрим тармоқларга ва умуман ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қисқа муддатли ва узоқ муддатли таъсирини комплекс баҳолаш.

7. Бошқарув аппарати ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлигининг қарор ва топшириқлари билан ҳокимликка юкланган вазифаларни бажариш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг тегишли хизматлари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аппарати, ҳоким ва унинг ўринбосарлари топшириқлари бўйича тегишли таҳлилий, маълумотнома, статистик материаллар ва таклифларни умумлаштиради ва тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиладиган, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва ҳоким томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари бажарилиши юзасидан тизимли назоратни ташкил этади, уларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирларни ва назорат режаларини ишлаб чиқади;

муаммоли масалаларни ҳал этиш ҳамда туманни, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини амалга ошириш юзасидан таклифлар ва аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг муҳим устувор вазифалари, давлат дастурлари амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор, фармойиш ва топшириқлари бажарилиши бўйича маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;

халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари, ҳудудларнинг фаоллари йиғилишлари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари иштирокида ўтказиладиган йиғилишлар ва бошқа тадбирлар ўтказилишини таъминлайди, қабул қилинган қарорлар амалга оширилишини назорат қилади;

халқ депутатлари туман Кенгаши ва ҳокимликнинг комиссиялари ва бошқа ишчи органлари ишларини ташкил этади, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ҳокимнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим ва долзарб масалалари бўйича ҳисоботи халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан эшитилишини ташкил қилади;

ҳокимликнинг иш режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон Республикасиингн “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ кўриб чиқади;

махфийлик режимини, давлат сирлари бўлган маълумотлар ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа ахборотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди;

халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва ҳокимликнинг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни белгиланган тартибда хабардор қилишни ташкил этади.

Бошқарув аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.

III. Бошқарув аппаратининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

8. Бошқарув аппарати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳокимликда кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни ҳудудий бошқарув органларидан, бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

зарурат бўлганда, ҳокимликда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши ва ҳокимнинг ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш учун ҳудудий бошқарув органлари раҳбарлари ва ходимларини таклиф этиш, ушбу мақсадлар учун вақтинчалик эксперт гуруҳларини ташкил этиш;

ҳудудий бошқарув органлар ва бошқа ташкилотлардан улар томонидан киритилган халқ депутатлари туман Кенгаши ва ҳокимнинг ҳужжатлари ва қарорлари лойиҳаларини пухта қайта ишлашни белгиланган тартибда талаб қилиш;

ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ҳудудий бошқарув органлари бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши ва муҳокама қилинишини ташкил этиш;

ҳудудий бошқарув органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарларига тезкорлик билан ҳал этишни талаб қиладиган ҳамда бошқарув аппаратига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

ҳудудий бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг, халқ депутатлари туман Кенгаши ҳужжатлари, ҳокимнинг ҳужжатлари ва топшириқлари, унинг ўринбосарлари топшириқлари бажарилиши юзасидан ишларини белгиланган тартибда ўрганиш;

9. Бошқарув аппарати:

ўзига юкланган вазифалар ҳамда функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларига, вилоят ҳокимлигининг топшириқларига мувофиқ таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳалари ҳар томонлама ва ўз вақтида тайёрланиши;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияларининг, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишининг тизимли мониторинги олиб борилиши, ҳокимнинг кўриб чиқиши ва қарор қабул қилишини талаб этувчи муаммоли масалаларнинг келиб чиқиши сабаблари ўз вақтида аниқланиши ва таклифлар тайёрланиши;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан туман ҳокимлигига киритиладиган таклифлар ва ҳужжатлар сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишининг ташкил этилиши, уларнинг иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан ўтказилиши, шунингдек асосланган хулосалар тайёрланиши;

вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари туман Кенгашига кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар ва таклифлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш сифати, шунингдек киритилган лойиҳалар ва қабул қилинган қарорлар амалга оширилишининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлигининг қарор, фармойиш ва топшириқларининг, туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг ҳудудий бошқарув органлари томонидан бажарилиши ҳолатининг ўз вақтида ўрганилиши учун жавоб беради.

IV. Бошқарув аппаратининг тузилмаси

10. Бошқарув аппаратининг тузилмаси ҳокимнинг ёрдамчиси, ҳоким ўринбосарлари ва уларнинг мутахассислари, Ташкилий-назорат гуруҳи, Девонхона, Вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия котиби, юридик хизмат, бухгалтериядан иборат бўлади.

Бошқарув аппаратининг тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2691-сонли қарори билан белгиланади.

11. Бошқарув аппаратининг ишлари ҳоким томонидан тасдиқланадиган туман ҳокимлиги бошқарув аппаратининг вазифалар тақсимоти, ушбу Низом, Иш юритиш бўйича йўриқномага мувофиқ ташкил этилади.

12. Ҳокимнинг ёрдамчиси, Ташкилий-назорат гуруҳи, Девонхона, Вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия котиби, юридик хизмат ва бухгалтерия ўз фаолиятида ҳокимга бўйсунади.

Мутахассислар ўз фаолиятида ҳокимнинг тегишли ўринбосарларига бўйсунади.

13. Ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари вилоят ҳокимлигининг Ташкилий-назорат гуруҳи билан келишган ҳолда ҳокимнинг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Девонхона мудири ҳокимнинг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Бош юрисконсульт вилоят Адлия бошқармаси билан келишилган ҳолда ҳокимнинг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Ҳоким ўринбосарининг мутахассислари ҳокимнинг тегишли ўринбосари тавсияси бўйича ҳокимнинг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Ҳокимнинг ёрдамчиси ва бошқарув аппаратининг бошқа ходимлари ҳокимнинг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

14. Ташкилий-назорат гуруҳи, Девонхона, ходимлар, ҳоким ёрдамчиси, вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия котиби ва бош юрисконсультнинг функционал вазифалари ҳоким томонидан тасдиқланади.

V. Бошқарув аппарати фаолиятини ташкил этиш

15. Бошқарув аппарати ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунларига, Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва топшириқларига, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларига, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарларининг топшириқларига, туман ҳокими ва унинг ўринбосарларининг топшириқларига, мувофиқ, ҳокимлик, таркибий бўлинмалар, уларнинг раҳбарлари ва мутахассисларининг иш режалари асосида ташкил этилади.

16. Ҳоким ўринбосарларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлигининг қарор, фармойиш ва топшириқлари билан ҳокимликка қуйидаги соҳаларда юкланган вазифаларни бажариш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг самарали, сифатли ва натижали амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган:

а) иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида:

иқтисодий, ижтимоий ва тадбиркорлик соҳасининг энг муҳим устувор вазифаларига мувофиқ ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, Республика миқёсида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган мақсадли дастурлар ижросини таъминлаш;

туманнинг макроиқтисодий кўрсаткичларини, шу жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат, хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси, экспорт, инфляция, бандлик, маҳаллий бюджетнинг ҳар йилги прогноз параметрларини асосланган ҳолда ишлаб чиқиш ва уни самарали ижросини ташкил қилиш, дебитор-кредитор қарздорликлар юзага келишининг олдини олиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш ва қарздорликни бартараф қилишнинг самарали усулларини жорий этиш;

иқтисодиёт масалалари бўйича тегишли вазирлик, идоралар, қўмиталар, тижорат банкларининг ҳудудий тузилмалари иш фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолини тадбиркор қилиш мақсадида улар билан тижорат банклари ўртасида мулоқот ўрнатиш учун ҳар бир хонадонга комплекс банк ва молиявий хизматларни таклиф қилиш орқали имтиёзли кредитлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва сўзсиз амалга ошириш;

ҳудудий бошқарув органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, ахборот фаолияти, архив иши, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш;

почта ва телекоммуникациялар фаолияти, архив иши ва интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокими ва туман ҳокими қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

тармоқ ва ҳудудий бошқарув органлари узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларини, шу жумладан, базавий тармоқларини узвий ривожланиши, бунда туман кесимида ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқаришни модернизациялаш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялашни амалга ошириш;

иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ҳудуд иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини комплекс ривожлантиришнинг асосий дастурларини, шу жумладан, саноат, маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалигининг барча соҳасини ривожлантириш каби мақсадли дастурларни кафолатланган молиявий манбааларини аниқлаган ҳолда туман  маҳаллий бюджети параметрлари билан узвий тарзда ишлаб чиқиш ва сўзсиз амалга оширишни таъминлаш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эркинликларининг кафолатларини таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, янги корхоналар, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида корхоналарни ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг турли қатламлари бандлиги масалаларини ҳал этиш орқали маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш, республика ва маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини ошириш ҳисобига маҳаллий бюджет субвенцияси ҳажмини босқичма-босқич қисқартириш ва бартараф этиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш, бу соҳани индустриялашган тармоққа айлантириш мақсадида қишлоқ хўжалигининг барча турдаги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишни кескин кенгайтириш учун махсус дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотларни, ҳудудий саноат маҳсулотларини экспорт қилиш дастурларини ишлаб чиқиш, дунёдаги нарх конъюктурасини ўрганиб таҳлил қилиб бориш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда уларни янги бозорларда экспорт қилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

инсон манфаатларини таъминлаш, айниқса, аҳолининг қишлоқ жойларда ҳаёт даражасини ва сифатини ошириш, янада фаровон ҳаёт кечириши учун пенсия ва нафақалар, реал даромадларини барқарор ошириш манбаларини яратиш, замонавий банк ва молия инфратузилмасини яратиш ҳисобига накд пул тўловларини ўз вақтида амалга оширишнинг янги механизми ва тизимини жорий қилиш;

ҳудудий бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларнинг, биринчи навбатда, экспорт тузилмасида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улушини янада кўпайтириш ҳисобига экспорт салоҳиятини ошириш бўйича минтақавий дастурларни амалга оширишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш;

маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш ва уларни жаҳон ҳамда минтақа бозорларига киритиш, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишнинг кўпайтирилишини рағбатлантириш ва маҳсулотларнинг таркибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, хусусий мулкнинг манфаатларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш
чора-тадбирларини амалга ошириш;

истеъмол товарлари, аҳолини истеъмол товарлари ва пуллик хизматлар билан таъминлаш бўйича маркетинг тадқиқотлари юзасидан бозорлар, ярмарка ва кўргазмалар фаолиятини мувофиқлаштириш;

чакана ва улгуржи савдони, пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, савдони ташкил этиш ва хизматлар кўрсатишнинг янги шакллари ва усулларини кенг жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек савдо ва хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

б) саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари соҳасида:

ҳудуднинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли, рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқаришларни кенгайтириш асосида ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган минерал-хомашёни ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини саноат йўли билан янада чуқур қайта ишлаш бўйича янги, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш дастурий чора-тадбирларини амалга ошириш;

саноатнинг ишламаётган корхоналари фаолиятини тиклаш
чора-тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштириш, маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш дастурлари амалга оширилишини таъминлаш;

туманда стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишини ташкил этиш, халқаро стандартларни қўллаш, шу жумладан, сифатни бошқариш тизими бўйича маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлилигини ошириш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, капитал қурилишни ташкил этиш ва пудрат ишлари дастурларини амалга ошириш;

пудрат ташкилотларини мутаносиб ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

қурилиш индустриясини ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, муҳандислик ва йўл-транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

кўрсатилаётган уй-жой-коммунал хизматлар даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолини сифатли ичимлик сув ва санитария жиҳатидан тозалаш тизими билан таъминлаш;

транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, коммунал хўжалигини ривожлантириш;

в) инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари соҳасида: 

туман иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига йирик ва ўрта миқдорда инвестициялар киритиш ҳажмини кенгайтиришни рағбатлантириш, туманда инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ягона инвестиция, жумладан, хорижий инвестициялар жалб қилиш сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва туман ҳудудида инвестиция фаолиятини кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича доимий равишда таклифлар ишлаб чиқиш ва юқори турувчи ташкилотларга киритиш; туманнинг йиллик Инвестиция дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилишда иштирок этиш, хорижий инвестициялар, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашишга қаратилган маблағларни жалб этиш учун инвестиция таклифлари бўйича ягона базасини юритиш; 

туманнинг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, чет эл банклари, жамғармалари, агентликлари, компаниялари ва бошқа халқаро ҳуқуқ субъектлари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлигини ўзаро манфаатли асосда ривожлантириш ва ҳамкорлик йўналишларини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; 

тармоқ инвестиция дастурлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги комплекс дастурлар, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий соҳалардаги инфратузилмаларни ривожлантириш дастурлари билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий инвестициялар, авваламбор, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашишга қаратилган маблағларни жалб этишда иштирок этиш; 

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли назорат қилиш, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолиятини, шунингдек, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятлари қандай бажарилаётганини таҳлил қилиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш асосида туман иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар молия институтларининг жалб этиладиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашишга қаратилган маблағлар (грантлар), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан йўналтириладиган марказлаштирилган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

туманнинг иқтисодий ва инвестиция салоҳияти тўғрисида хорижий инвесторларни кенг хабардор қилиш бўйича Республика миқёсида ва чет элларда ўтказилган халқаро конференциялар, семинарлар, инвестиция форумларда иштирок этиш;

ишлаб чиқариш самарадорлиги, маҳсулот сифати ва рақобатдошлиги, энергия ва ресурс тежамкорлиги бўйича замонавий талабларга, экологик стандартларга жавоб берадиган илғор технология ҳамда ускуналар бўйича жаҳон бозоридаги вазиятнинг чуқур таҳлилидан, таклиф этилган нархларнинг дунё бозоридаги ўртача баҳо ва юзага келган бозор конъюнктурасига мос келиши, шунингдек, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳалар қиймати таклиф этиладиган технологияга қанчалик мувофиқ эканидан келиб чиққан ҳолда тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

экспертизадан ўтказиш ва тендер таклифларини баҳолашда қатнашиш, зарурат туғилганда, ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижаларини рад этиш, тендер натижаларига кўра тузилган импорт шартномаларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш;

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқишни, давлат ва жамият бошқаруви тизимини ривожлантириш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

давлат-хусусий шериклик механизмларини, энг аввало, инфратузилма объектлари ва ресурслар энг кўп сарф қилинадиган тармоқларда кенг жорий этишга кўмаклашиш;

долзарб муаммоларни, энг аввало, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигининг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқиш;

жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тумандаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни тарғиб қилиш ва улардан амалий фойдаланишнинг механизмларини шакллантириш, бозорнинг тез ўзгарувчан жаҳон конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда туман иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтириш имконини берувчи экологик тоза технологияларни қўллаган ҳолда унумдорликни оширишни назарда тутадиган “яшил иқтисодиёт” технологияларининг принципларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

туман инновацион салоҳиятининг, кичик саноат зонаси фаолияти самарадорлигининг ўсишига фаол кўмаклашиш;

хизматлар соҳасини тубдан такомиллаштириш, энг аввало, инновацион ишланмалар ва технологияларни жорий этиш ҳисобига уларнинг сифатини ва ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги ролини ошириш;

инновацион ёндашувлар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали туризм соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар киритиш;

мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи “Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий синалган шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;

аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш орқали савдо бозорларини ва уларни тўғридан-тўғри етказиб беришни кенгайтиришга кўмаклашиш;

таълим тизимида инновацияларни, шу жумладан, ўқитишнинг замонавий, интерактив ва ижодий услубларини жорий этиш орқали тарғиб қилишга кўмаклашиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни назарда тутувчи инновацион ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

соғлиқни сақлаш тизимини, шу жумладан, касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилишни таъминлайдиган илғор технологияларни, “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббиёт ахборот маркази” концепцияларини жорий этиш орқали жадал ривожлантиришга, шунингдек, аҳолининг узоқ умр кўриши учун қўшимча шароитлар яратиш;

“Хавфсиз шаҳар”, “Ақлли шаҳар” концепцияларини жорий этишни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш учун зарур шароитларни таъминлайдиган маданий, спорт ва бошқа объектларни ташкил қилишни ҳам назарда тутувчи илғор стандартларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳарсозликнинг фақат бош режалар, режалаштириш ва қурилиш лойиҳаларига мувофиқ изчил ривожланишини таъминлаш;

атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга, жумладан, атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни, сув объектларига ташланадиган оқова сувларни камайтиришга, биологик хилма-хиллик ва экотизимни сақлашга қаратилган инновацион технологик ечимлар ишлаб чиқиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаб чиқариш бўйича инновацион ғоялар ва ишланмаларнинг, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия тежамкор, экологик тоза автотранспорт ёқилғисини ишлаб чиқариш технологиялари, чанг ва газдан тозаловчи технологияларнинг амалда қўлланишига кўмаклашиш;

сувдан фойдаланиш тизимини, шу жумладан, сувни тозалаш, чучуклаштириш, оқова сувлардан қайта фойдаланиш ва сув тежашнинг инновацион технологияларини жорий этиш орқали такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, шу жумладан, энергия ва биоўғитларни ишлаб чиқариш учун юқори технологияларни жорий этиш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

инновацион тадқиқотлар, ғоялар, ишланмалар ва технологияларни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, истиқболли фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда новаторлик ғояларини, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

кўргазма тадбирларини ташкил этиш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро манфаатли яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш бўйича замонавий илмий-технологик комплекслар, бизнес-инкубаторлар, стартап-акселераторларни, шу жумладан, етакчи жаҳон ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда ташкил этиш, шунингдек,
IT-инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш;

узоқ муддатли технологик ривожланиш эҳтиёжлари ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда замонавий юқори технологик ишлаб чиқаришни, шу жумладан, янги авлод транспорт воситалари, робот техникалари ва юқори технологик маҳсулотларнинг бошқа турларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш;

маҳаллий инновацион маҳсулотларни, шу жумладан, расмийлаштирилган халқаро патент ва лицензиялар асосида жорий этиш, ички ва жаҳон бозорларига йўналтириш имконини берувчи самарали механизмларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиш;

хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятининг молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда доимий асосда таҳлил қилиб бориш, шу асосда фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш;

янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш ҳамда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олишда, коммуникацияларга уланишда ва тижорат банкларидан кредитлар ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида аниқ хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш;

г) туризмни ривожлантириш соҳасида:

ҳудудда туризм соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳа бўйича қабул қилинган концепция ва дастурларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни белгилаш;

чет эл мамлакатлари билан туризм соҳасида, айниқса, туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда уларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ва келишувларни ваколатли органлар билан биргаликда амалга ошириш;

соҳани чуқур таҳлил қилиш асосида туристик хизматларга бўлган талабни ўрганиш, бу борадаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, соҳани ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг мақсадга мувофиқ моделларини ишлаб чиқиш ва келгуси режаларни белгилаш;

туризм соҳасининг иқтисодий, экологик, ижтимоий, маданий ва бошқа йўналишлардаги инфратузилмасини такомиллаштириш ва туризм йўналишидаги диққатга сазовор жойлар, уларни яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда амалга ошириш;

қўшимча туризм маршрутларини ишлаб чиқиш, чет эл ёшларини кенг жалб этиш мақсадида кўнгилочар комплекслар барпо этиш, маданий мерос объектларида халқимизнинг тарихи, турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналарини ўзида акс эттирган экспозицияларни ташкил этиш;

туризм соҳасида туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ҳамда ҳудудий бошқарув органлари иш фаолиятини мувофиқлаштириш

туризм соҳасига замонавий ахборот-коммуникация воситаларини жалб этиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш орқали республиканинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритиш чораларини кўриш;

иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўртача ва узоқ муддатли дастурларига киритилган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

г) қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида:

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини таркибий ўзгартиришни таъминлаш;

деҳқончилик ва агротехнологияларнинг илғор усулларини жорий этиш чора-тадбирларини кўриш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига бозор тамойиллари ва механизмлари асосида хизмат кўрсатувчи тармоқлар, бўғинлар ва тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш тадбирларининг бажарилишини мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини кўриш;

чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик ишларини ривожлантириш, ҳайвонларни сунъий уруғлантириш хизматларини кенгайтириш, зооветеринария хизмати кўрсатиш тармоғини ривожлантириш ишларини ташкил этиш;

ипакчиликнинг озуқа базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор тут ипак қуртини етиштириш, тирик пилла етиштиришни кўпайтириш;

табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларнинг сақланиши таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш ва маҳсулотларни экспорт қилиш, шунингдек, қишлоқда ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектларини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

д) ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар соҳасида:

Ёшлар сиёсати соҳасида:

ёшлар, яъни ўттиз ёшдан ошмаган шахслар, хусусан, таълим билан қамраб олинган ёшлар, уюшмаган ёшлар, ёш мутахассислар, тадбиркор ёшлар, ёш фермерлар, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;

умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчиларини касбга йўналтириш ва уларни кейинчалик ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;

олий таълим йўналишлари ва олий маълумотли кадрлар тайёрлаш кўрсаткичларининг ҳудудлар бўйича оптимал тақсимоти юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, битирувчиларни чуқур профессионал билимларга эга бўлишларига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

таълим тизимининг барча босқичларида ўқув жараёни сифатини, ўқувчи-талабаларнинг давоматини таъминлаш юзасидан аниқ чораларни кўриш ва назорат қилиш, бу борада таълим муассасаси, маҳалла, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, профилактика инспекторлари ва ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорликдаги ишларини мувофиқлаштириш;

аҳоли, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш, “оммавий маданият”нинг кўринишларига қарши маънавий профилактика ишларига раҳбарлик қилиш;

таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларига, компьютер технологиялари ва интернет-ресурсларидан фойдаланишнинг илғор кўникмаларига ўргатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар бажарилишини назорат қилиш;

ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича уларнинг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда аниқ ва манзилли чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш, турли тўгаракларга, шу жумладан, болалар мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига қамраб олиш ишларини тизимли ташкил этиш;

ёшларни юксак ахлоқий тарбиялаш, уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва жамиятда юксак маънавиятни қарор топтириш борасидаги ишларга раҳбарлик қилиш;

ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар тарбияси масаласида жамоатчилик назоратини ташкил этиш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасидаги вазифаларни самарали бажаришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ота-оналарнинг педагогик маданиятини юксалтиришга, баркамол авлод тарбиясида “оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлик концепциясини амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

уюшмаган ёшларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи давлат органлари, муассасалар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш;

уюшмаган ёшларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш учун уларнинг эҳтиёжини аниқлаш бўйича мониторинг олиб бориш ва баҳолаш, касбга ўргатиш, ишга жойлаштириш, жумладан, кичик ва ўрта бизнес ва оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

ёш мутахассисларни ишга жойлаштиришнинг тизимли мониторингини ташкил этиш, меҳнат бозорида уларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган махсус дастурларни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш, ёш кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ишларни амалга ошириш;

ёшлар тадбиркорлиги ҳамда ёш фермерлар фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ёшлар тадбиркорлигини ташкил этишга кўмаклашиш, имтиёзли кредитлар бериш, жой ажратиш, моддий ва техник воситалар билан таъминланишига доир дастурларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;

ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш, кам таъминланган ёш оилаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда моддий ёрдам бериш чораларини кўриш.

Ижтимоий ривожлантириш соҳасида:

аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, ҳаёт ва меҳнат фаолияти, малакали тиббий ёрдам олиш, маданий мерослардан баҳраманд бўлиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, дам олишини ташкил этиш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий ва ижтимоий шарт-шароитларни яратиш ҳамда сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёж ва талабларини ўрганиш асосида ҳудудларда ижтимоий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини мониторинг қилиш;

соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига юқори малакали тиббий ёрдамни кўрсатиш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш;

қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини ошириш, ҳар бир инсон ва бутун оила даражасида энг кўп учрайдиган касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнини ташкил этиш, оилаларни патронаж тизими билан тўлиқ қамраб олиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини, шу жумладан, соғлом овқатланишни тарғиб қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, ривожланиш нуқсони бўлган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш сифатини ошириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, оналар ва болалар соғлиғи муҳофазасини таъминлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг, диагностика, перинатал ва скрининг-марказларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

аҳолига ташхис қўйишнинг замонавий усулларини жорий этиш ва юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўламини янада кенгайтириш;

жаҳон стандартлари даражасидаги энг самарали, мураккаб ва юқори технологияли усулларга бўлган аҳоли эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган тадбирлар ижросини таъминлаш;

спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, спортнинг оммавийлигини ошириш, қизлар ўртасида спортни ривожлантириш, барча ҳудудлар, айниқса, энг чекка қишлоқларда халқаро талабларга жавоб берадиган моддий-техник базага эга спорт иншоотларини барпо этиш;

аҳолининг турмуш маданиятини, ҳаёт сифатини оширишга қаратилган таълим, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш, бандлик, маиший хизматлар кўрсатиш, маданият, санъат ва спорт соҳалари муассасаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар, нуронийлар, ёшлар ташкилотлари, фуқаролик жамиятлари институтлари, оммавий ахборот воситаларининг тинч-осойишта ҳаётимизни асраш ва мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар ижросини мувофиқлаштириш.

Маънавий-маърифий ишлар соҳасида:

аҳоли ўртасида мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари аҳамиятининг тарғибот ва ташвиқотини ташкил қилиш;

аҳолининг маънавий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиб бориш асосида ҳудудда маънавий муҳит соғломлигини таъминлаш, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириш ва раҳбарлик қилиш;

аҳолининг маънавий-ахлоқий, диний-маърифий, маданий савиясини ошириш ва унинг доимий равишда ўсиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини таъминлаш, маънавий-маърифий меросни, урф-одат ва қадриятларни сақлаш, тарғиб қилиш ишларига раҳбарлик қилиш;

ҳудудда соғлом турмуш тарзи, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган оммавий тадбирларни тайёрлаш ва ташкил этиш масалаларини мувофиқлаштириш, тадбирларнинг мақсадли, режали, тартибли ташкил этилиши ва тарбиявий самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, одамларни хушёрлик ва огоҳликка даъват этиш, ёшларда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган самарали тарғибот тизимини йўлга қўйиш;

аҳоли орасида диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” таҳдидларидан огоҳ қилишга қаратилган профилактик маърифий, тарбиявий чора-тадбирларга раҳбарлик қилиш;

аҳоли орасида меҳр-оқибат, меҳр-шафқат, мурувват ва ҳиммат, инсоф-у диёнат, виждонийлик, аҳиллик ва тотувлик, фидойилик, ватанпарварлик, олижаноблик ва бошқа фазилатларни тарғиб қилиш ҳамда маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришда маҳалла институтининг ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишларга раҳбарлик қилиш;

мамлакатда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар бўйича сиёсатнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ҳудудда ташкил этиладиган чора-тадбирлар мазмуни, самарадорлигини таҳлил қилиш, соҳаларнинг тизимли фаолиятини ташкил қилиш;

оммавий тадбирларни тайёрлаш ва ташкил этиш масалаларини мувофиқлаштириш, оммавий тадбирларни ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

е) жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар соҳасида:

виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий ва диний масалаларни ҳал этишда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

давлат органларининг туманда жойлашган жамоат ва диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган диний ташкилотларнинг манфаатларини ҳисобга олиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

давлат органларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ўзаро ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш;

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ўтказишда жамоатчилик ва диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

маънавий ва миллий қадриятларга, халқимизнинг диний эътиқодлари ва урф-одатларига қарши йўналтирилган мафкуравий таҳдидларга қарши самарали курашиш, ёт ғояларни тарқатишга қарши кураш олиб бориш тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш;

миллатлараро тотувликни ва диний бағрикенгликни таъминлашда давлат органларининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

миллатлараро дўстлик принципларини қарор топтиришга, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган жамоатчилик ташаббусларини рағбатлантириш, мувофиқлаштириш ва тақдирлаш чора-тадбирларини кўриш;

Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг минтақавий тузилмалари фаолиятига кўмаклашиш;

ф) Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида:

ҳоким ўринбосарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси буйруқлари, Бошқарув йиғилиш қарорларида белгиланган вазифалари амалга оширилишини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда таъминлаш;

а) хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш масалаларида давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

хотин-қизларнинг мақомини, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини, оила ва жамиятдаги ролини ошириш;

давлат органлари ва жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб ҳаёт шароитларини  яратиш соҳасида тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича тизимли иш олиб борилишини ташкил этиш;

хотин-қизлар масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишида ва уларни амалга оширишда, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш ва тушунтиришда, ижроси устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда фаол иштирок этиш;

қизларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини аниқлаш, ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, иқтидорли, қобилиятли қизлар заҳираси билан тизимли иш олиб борилишиин ташкил этиш, Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича туман комиссияси фаолиятин такомиллаштириш;

ташаббускор, амалий иш тажрибасига эга бўлган қизлардан кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг номзодларини тегишли раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини йўлга қўйиш;

хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этишига кўмаклашиш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш;

хотин-қизлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари ва манфаатлариин ҳимоя қилиш бўйича ишларда хотин-қизлар қўмиталари билан фуқаролик жамияти институтлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўртасида ижтимоий шерикликни кенгайтириш, хотин-қизларга манзилли ижтимоий ёрдам бериш ишларини ташкил этиш;

б) оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга ёрдам бериш соҳасида:

жойлардаги оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ва якка тартибда иш олиб борилишини ташкил этиш;

ёрдамга муҳтож бўлган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган ва турар жой шароитлари яхшиланишига муҳтож бўлган кам таъминланган  оилаларнинг манзилли рўйхатларини тузиш;

ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларнинг қизларини ўқитиш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг дам олишини ҳамда уларга зарурий тиббий ва психологик ёрдам берилишинии ташкил этиш;

оилавий ва шахслараро низоларнинг, ўз жонига қасд қилишга ҳамда жамият ва оилада маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳолатларнинг барвақт профиликтикаси бўйича манзилли ишлар олиб бориш;

оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, никоҳ ва оила институтини мустаҳкамлаш, никоҳ шартномаларининг хусусиятлари ва шартлари, фарзандлар тарбияси учун ота-оналарнинг бевосита масъулияти, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш билан боғлиқ тизимли тарғибот тадбирларини йўлга қўйиш.

в) хотин-қизларни ишга жойлаштириш ва уларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида:

бандлик дастури доирасида хотин-қизларни, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, улар бандлигининг сифати, доимий иш ўрни билан таъминланганлиги юзасидан амалий назоратни йўлга қўйиш;

хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишда, кредит ва бошқа ресурсларни жалб этишда давлат хизматларидан фойдаланиш;

хотин-қизларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларининг ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш, меҳнат муносабатлари соҳасида, шу жумладан, ҳомиладор аёлларга ва кичик ёшдаги болалари бўлган аёлларга қўшимча имтиёзлар бериш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлайдиган аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратишда кўмаклашиш, берилган имтиёзлар тўғри қўлланиши масалаларини тартибга солувчи, давлат рўйхатидан ва бошқа тартиботлардан ўтиш, меҳнат муносабатларига киришиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари юзасидан тушунтиришлар олишда уларга ёрдам бериш;

г) жиноят содир этишга мойил бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш орқали хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси соҳасида:

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар  билан биргаликда хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ташкил этиш;

хотин-қизлар орасида ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ишларини ташкил этиш, оилаларда ижтимоий-маданий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш  чора-тадбирларини белгилаш;

жиноят содир этишга мойил бўлган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш бўйича ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, махсус ўқув-тарбия муассасаларидан, ижтимоий реабилитация ва хотин-қизларни мослаштириш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштиришни ташкил этиш;

д) “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

мутасаддилик қиладиган ташкилотлар билан биргаликда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, туманнинг тегишли тармоқлари ва ҳудудларидаги масалалар бўйича “йўл хариталари” лойиҳаларига киритиш учун таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга сафарлари ва Самарқанд вилоятига ташрифлари натижалари бўйича тасдиқланган “йўл хариталари” бажарилиш устидан тизимли назорат амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

тегишли масалалар юзасидан ҳудудий бошқарув органлари, тижорат банкларининг “йўл хариталари”ни амалга ошириш тўғрисидаги ахбороти, материаллар ва ҳисоботлар тақдим этилишини таъминлаш ҳамда уларни муҳокама қилиш учун туман ҳокимлиги йиғилишларига киритиш;

“йўл хариталари” амалга оширилиши самарадорлиги юзасидан тақдим этиладиган ахборот ва материалларни ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш ва умумлаштириш.

17. Ташкилий-назорат гуруҳи:

ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширади ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлигининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимининг ҳужжатлари бажарилиши ҳолатини ўрганиш чора-тадбирларини амалга оширади;

туман ҳокимлиги таркибий бўлинмалари билан биргаликда белгиланган тартибда ҳокимлик иш режаси лойиҳасини шакллантиради, унинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

бошқарув аппарати раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги таклифларни ҳокимнинг кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда киритади;

тасдиқланган лавозимлар номенклатурасига мувофиқ кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, мутахассисларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш чора-тадбирлари комплексини амалга оширади, кўриб чиқилаётган номзодларни ҳар томонлама ўрганишни ва улар бўйича ишончли материаллар тайёрланишини таъминлайди;

келгусида ҳудудий бошқарув органлари, ҳокимликнинг раҳбарлик лавозимларига кўтариш учун бошқарув кадрлари захирасини шакллантириш ишларини ташкил этади;

ҳудудий бошқарув органларининг бошқарув кадрлари фаолиятининг тизимли мониторингини олиб боради;

бошқарув кадрларини ҳисобга олиш, уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини шакллантириш ва юритиш ишларини ташкил қилади;

захирага киритилган бошқарув кадрларининг касбий билимларини доимий такомиллаштириш, малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнини ташкил қилади;

ҳокимнинг ўринбосарлари билан биргаликда мутасаддилик қиладиган ҳокимлик аппарати кадрларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳудудий бошқарув органлари, ҳокимликнинг бошқарув кадрлари ва уларнинг захираси тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиришни ва доимий янгилаб боришни таъминлайди;

давлат мукофотларига тавсия этиш юзасидан тегишли ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари, жамоат ташкилотларининг таклифларини олиш, уларни ишчи гуруҳ билан биргаликда ўрганиб чиқиб, туман ҳокимига киритади;

ташкилий-кадрлар масалалари бўйича ҳокимнинг қарорлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари сайловларини, Ўзбекистон Республикаси референдумларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли сайлов комиссияларига ёрдам кўрсатади;

халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг комиссиялари ва бошқа ишчи органларнинг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди, депутатларга уларнинг ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади;

маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) сайловларини ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашади;

вилоят ҳокимлиги Ташкилий-назорат гуруҳи билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ташкилий-назорат гуруҳи тўғрисидаги Низомга ва ҳокимнинг қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Девонхона:

тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ иш юритиш ва архив ишларини ташкил этишни таъминлайди,

туман ҳокимлигига келиб тушадиган хат-ҳужжатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш, тақсимлаш ва мансублигига кўра юборишни, чиқувчи хат-ҳужжатларни қабул қилиш ва жўнатишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил                   12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги     12-сон ҳамда 1999 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сон қарорлари, шунингдек, туман ҳокимлигида иш юритиш тартиби асосида иш юритиш қўлланмаси, тавсия ва йўриқномалари асосида иш юритишни таъминлайди;

туман ҳокимлиги аппарати архивининг иш фаолиятини назорат қилиб боради;

таркибий бўлинмалар томонидан ҳужжатлар номенклатурасига амал қилинишини ўрганиб боради ва амалий ёрдам беради ҳамда иш юритиш юзасидан муносабат юритади;

туман бўлим, муассаса ва ташкилотларида иш юритиш аҳволини ўрганади ва амалий ёрдам кўрсатади;

туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳалари тайёрланишини пухта таҳлил қилинганлиги ҳамда тегишли масъуллар томонидан виза қўйилганлигини кўриб чиқиб, туман ҳокимига киритилишини таъминлайди, ҳоким имзосидан кейин расмийлаштиради ва қарор, фармойишни тайёрлаган бўлинма масъул ходими томонидан жўнатиш варақасида кўрсатилган нусха сонига кўра нусха олишга рухсат беради ҳамда ижрочиларга етказилишини таъминлайди;

ҳокимнинг қарор ва фармойишлари ҳамда ҳокимлик девонига келган ҳужжатларни муқовалашга тайёрлайди, тўлиқлигига қараб муқовалаштиришни ташкил этади ва назорат олиб боради;

туман ҳокимининг қарор, фармойишлари, ҳокимликнинг чиқиш ҳужжатлари ва йиғилиш баённомаларини ижрочи томонидан берилган жўнатиш варақаси асосида нусха кўпайтириб олишга ҳамда архив ҳужжатларини олиш ва фойдаланишни фақат туман ҳокимининг аниқ кўрсатмасига кўра тегишли соҳа бўйича ҳоким ўринбосарининг ёзма рухсати асосида ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этишни амалга оширади;

туман ҳокимлиги аппаратига ишга қабул қилинган ходимларни ҳокимлик тузилмаси, иш юритиш йўриқномаси ва ижрони назорат қилиш ва текшириш бўйича асосий қоидалар, ички меҳнат тартиби қоидалари ва ҳокимлик фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таништиради;

туман ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари раислигида бўлиб ўтган йиғилишлар баённомаларини рўйхатдан ўтказади ва уларнинг сақланишини таъминлайди;

юқори органлардан келган ҳужжатларни муҳимлиги, аниқ муддатлари кўрсатилган ҳужжатлар ҳамда туман ҳокимининг топшириқ-кўрсатмаларига қараб ҳужжатларни назоратга олади ва йўриқномада кўрсатилган тартибда
“Н” белгисини қўяди;

Девонхонада ва туман ташкилотларида девонхона ходимларига (мудирларига) амалий ёрдам ва семинарлар ташкил этади;

вилоят ҳокимлиги Девонхонаси билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

тегишли қонун ҳужжатлари ва ҳокимнинг қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

19. Вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия котиби (кейинги ўринларда комиссия котиби деб юритилади):

вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия иш фаолиятини ташкил этади ҳамда комиссия фаолиятига доир йиғма жилдларни юритади;

комиссия қарорлари ижроси бўйича йўл қўйилган камчиликлар хусусида тегишли бўлим ва идораларга кўрсатма, топшириқлар тайёрлайди ва уларнинг ижросини таъминлайди;

вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича умумлаштирилган маълумотлар тайёрлайди;

комиссия йиғилиши бўйича ҳужжатларни тайёрлайди, йиғилиш баённомаларини расмийлаштиради, уларнинг жойларда ижроси таъминланиши устидан назорат юритади;

комиссия ишлар номенклатурасига асосан соҳага оид бўлим ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда йиғмажилдларни белгиланган тартиб асосида юритади;

белгиланган тартибда соҳага оид бўлим ва идоралардан ҳар чорак якунлари бўйича статистик ҳисоботларни қабул қилади, ҳисоботларни умумлаштирган ҳолда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юборилишини таъминлайди;

комиссия котиби Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар тўғрисидаги Низом ва ҳокимнинг қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

20. Юридик хизмат:

ҳокимликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этади;

ҳокимлик томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб боради;

ҳокимликда, шунингдек, тегишли тузилмаларда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади, ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

ҳокимликнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;

қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг тузилмалари ишини мувофиқлаштиради;

ҳокимлик ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этади;

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, ҳокимликнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

21. Ҳисобхона:

туман ҳокимлиги смета харажатларига ажратилган маблағларни белгиланган лимит доирасида сарфланишини таъминлайди;

ҳокимлик ходимларига тасдиқланган иш табелига мувофиқ ойлик иш ҳақлари ва пенсия, касаллик варақалари, сафар харажатлари ўз вақтида штат жадвали асосида тўлаб берилишини таъминлайди;

ходимлар иш ҳақларидан ушлаб қолинган ва ҳисобланган мажбурий тўловларни пенсия жамғармаси, даромад солиғи, касаба уюшмаси бадалларини ва бошқа тўловларини ўз вақтида тўлов топшириқномаси орқали ўтказиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишларига асосан ҳокимликнинг ташкилий тузилмасига ўзгартиришлар киритилганда ёки штат бирликлари қисқартирилганда белгилаган молиявий ҳамда меҳнат қонунлари асосида иш ҳақи компенсациялари тўланишини таъминлайди ва штатлар жадвалларини Молия бўлимидан ўз вақтида рўйхатдан ўтказиб боради;

туман ҳокимлиги бошқарув аппаратининг молиявий банк муассасалари ва хўжалик фаолиятини юритишдаги барча ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномаларнинг қонунийлигини таҳлил этиш ва ҳокимлик аппарати учун зарур бўлган инвентар, оргтехника жиҳозлари ва канцелярия моллари белгиланган тартибда сотиб олиниши юзасидан иш олиб боради;

туман ҳокимлиги аппаратининг ташкилотлар ўртасидаги муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликларни ўз вақтида қоплаш ва бартараф этиш юзасидан раҳбариятга ва туман Молия бўлимига таҳлилий ахборот бериб боради;

туман ҳокимлиги ҳисобидаги барча асосий воситаларни кирим ва сарфланишини ҳисобхона ҳисоби бўйича тўғри йўлга қўйиш, муддати ўтиб бўлган инвентарь, оргтехника жиҳозларини белгиланган нормативлар асосида ҳисобдан чиқаришни ташкил этади;

ҳокимлик ҳисобхонасида банк-хазина ҳисоботларини тасдиқланган нормативлар асосида юритиш, нақд пул кирими ва қонуний сафланиши устидан назорат қилиб боради;

туман ҳокимлигининг молиявий ва бухгалтерия ҳисоботларини тегишли органларга ҳар ой, чорак ва йил якунлари бўйича ўз вақтида топширилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

22. Бошқарув аппарати таркибий бўлинмасининг раҳбари (гуруҳ раҳбари, Девонхона мудири):

таркибий бўлинмага бевосита раҳбарлик қилади, ўз мутахассисларининг ишларини ташкил қилади ҳамда бўлинмага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан жавоб беради;

киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат принципларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатидан ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди;

тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

тасдиқланган тузилмага ва штатлар рўйхатига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, мутахассисларнинг касбий даражасини ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва уларга жазо чоралари кўриш бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ва киритади;

бўлинманинг ярим йиллик иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлашга киритади, мутахассисларнинг иш режаларини тасдиқлайди;

ҳоким ёки унинг ўринбосари ўтказадиган йиғилишларда, шу жумладан, ҳар ҳафталик аппарат йиғилишларида ва комиссиялар мажлисларида, шунингдек, котибиятнинг иш юритиш соҳасига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган бошқа йиғилишларда қатнашади;

иш юритишни белгиланган тартибда олиб боришни таъминлайди, чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

функционал вазифаларга мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

23. Бош мутахассис (етакчи мутахассис, биринчи тоифали мутахассис):

функционал вазифаларга мувофиқ таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши ҳамда функционал вазифаларга мувофиқ топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар бўйича таҳлилий материалларни ва эксперт таклифларни тайёрлайди, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида ҳокимнинг ўринбосарига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг қарор, фармойиш ва топшириқлари, халқ депутатлари туман Кенгаши ва ҳокимнинг ҳужжатлари бажарилишини таҳлил қилади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгиланишини ташкил этади;

ҳудудий бошқарув органлари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганади, улар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ҳоким ва ёки унинг ўринбосари томонидан ўтказиладиган мажлисларда, шу жумладан, ҳар ҳафталик аппарат йиғилишларида ва ўзига бириктирилган масалалар бўйича турли комиссиялар мажлисларида белгиланган тартибда иштирок этади;

функционал вазифаларга мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

24. Бошқарув аппаратини сақлаш ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

2015-2019 © Qo'shrabot tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM