«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг аҳамияти нимада?

Президент Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган Қонун асосида ишлаётганини, шунингдек, бу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгилаш зарурлигини алоҳида қайд этган эди.

Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганди.

Шунга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ташаббуси билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Қисқа муддат ичида қонун лойиҳаси ва унга тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, эксперт ҳамда мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди.

2021 йил 1 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган — «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг якуний муҳокамаси бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Ишчи гуруҳ йиғилишида Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов раҳбарлигида қонун лойиҳаси батафсил муҳокама қилинди.

Унда белгиланган муддат қисқа бўлишига қарамасдан, унинг ижросини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган қонунчилик тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, 260 дан ортиқ қонун ҳамда 400 га яқин қонуности ҳужжатлари ўрганилди. Қонун лойиҳасининг матни, унинг концепцияси ва таққослаш жадвали ишлаб чиқилди, 20 дан ортиқ хорижий давлатларининг қонунчилиги ўрганилди ва таҳлил қилинди.

Тадбирда ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси 7 боб ва 66 та моддадан иборат эканлиги ҳамда 40 дан ортиқ янги модда ва нормаларни ўзида акс эттиргани билан, амалдаги 6 та боб, 27 та моддадан иборат Қонундан фарқ қилиши таъкидлаб ўтилди.

Амалдаги Қонунда маҳаллий вакиллик ҳамда ижроия ҳокимияти билан боғлиқ нормалар умумлашган ҳолда баён этилган. Янги лойиҳада эса, ҳокимиятлар бўлиниши принциплари асосида халқ депутатлари кенгашлари ҳамда ҳокимлар билан боғлиқ моддалар алоҳида мустақил бобларда тизимлаштирилган. Халқ депутатлари Кенгаши назорати фаолияти ва шаклларининг ҳуқуқий асослари кучайтирилиб, у билан боғлиқ нормалар алоҳида боб билан белгиланмоқда. Шунингдек, ушбу бобда «халқ депутатлари Кенгаши сўрови» институти алоҳида модда асосида киритилган. Қолаверса, ҳоким ўринбосарлари ва маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг ўз фаолияти юзасидан ҳисобот беришлари янги назорат шакли сифатида алоҳида модда билан киритилмоқда.

Йиғилишда таъкидланишича, лойиҳада қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижросини таъминлаш соҳасида Олий Мажлис билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилган. Эътиборлиси, халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг ўринбосари, ҳоким ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг вазифа ҳамда ваколатлари алоҳида моддалар билан илк маротаба белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига, шунингдек, халқ депутатлари Кенгашининг давлат бошқарув органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ўз лавозимига лойиқлиги юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга таклиф киритиш, ҳудудий дастурлар ҳамда халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари бажарилишини назорат қилиш ва уларни бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритиш каби янги ваколатлари киритилган.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши халқ депутатлари кенгашларининг маҳаллий ижро этувчи органлар устидан назорати кучайтирилади, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали олиб боришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади. Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларининг тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро муносабатлари такомиллашади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий давлат ҳокимиятининг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтиради.

Ишчи гуруҳ йиғилишида қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис Сенатининг, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг, Адлия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг, халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимларнинг қонун лойиҳаси юзасидан таклифлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, йиғилишда ишчи гуруҳга эксперт ва олимларнинг фикрини олиб, қонун лойиҳасини янада маромига етказиш топширилди.

 

2015-2024 © Qo'shrabot tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM