Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалари киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан 4 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Мазкур тартиб 2021 йил 1 апрелдан кучга киради.

Шунингдек, Бюджет кодекси Солиқ кодекси ҳамда амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди.

Шу жумладан, Бюджет кодексига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларга оид норма киритилди. 

Унга кўра, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қайтармаслик шарти билан ҳудудий бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозидан ошган қисмини қоплаш учун берилади.

Бундан ташқари, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби белгиланди.

Бюджет маблағлари тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасига қадар ўз сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириши лозим:

ўзига тегишли бюджет ташкилотлари кесимида бюджет маблағлари тақсимоти;
даврий молиявий ҳисоботлар;
давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар va кредит олувчилар;
капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 

2015-2024 © Qo'shrabot tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM